Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Янгиобод тумани хокими Иброҳим Қаршибоевнинг Наврўз байрами муносабати билан туман халқига йўллаган байрам табриги

Янгиобод тумани хокими Иброҳим Қаршибоевнинг Наврўз байрами муносабати билан туман халқига йўллаган байрам табриги

21 март 2024 йил
134
0

Ассалому  алайкум қадрли тумандошлар, азиз  меҳмонлар!

Кўклам нафаси уфуриб, она заминимизни ям-яшил либосга буркаб, ўзининг бетакрор гўзалликлари билан қалбларимизни тўлқинлантириб, ўлкамизга Наврўзи олам  кириб келмоқда.

Мана шундай файзли кунларда халқимизнинг неча асрлик миллий урф-одат ва удумлари мужассам бўлган - янгиланиш ва яшариш, гўзаллик ва нафосат, мурувват ва саховат тимсоли - Наврўз айёми билан Cизларни,  сизлар орқали барча туманимиз аҳлини чин қалбимдан муборакбод этаман.

Азиз дўстлар!

Наврўз нафақат яшариш ва янгиланиш айёми, балки, у ҳар қандай  гина ва низолардан воз кечиб, тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш, аҳиллик ва бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бебаҳо бойлик эканлигини улуғлаши билан бирга, Ватанга наф келтириш, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишдек ниятларни рўёбга чиқариш шодиёнаси бўлганлиги билан ҳам қадрлидир.

Шу боис қут-барака ва мурувват каби хусусиятларни ўзида мужассам этган бу гўзал баҳор айёмини барчамиз орзиқиб кутамиз ва хурсандчлиик билан байрам қиламиз. Бу байрамда одатимизга айланиб кетган қадриятлар - бир-бирига меҳр кўрсатиш, беморлар, кўнгли ярим инсонларга  беминнат ёрдам бериш, табаррук кексаларимизнинг дуосини олиш каби ота-боболаримизнинг удумларини давом эттиришга интиламиз.

Қадрли дўстлар!

Айни кунларда юртимиз бўйлаб катта шодиёналар билан нишонланаётган халқ сайлларида «Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» деган эзгу ғоя мужассамдир. Ҳақиқатан ҳам, Наврўз ўзининг буюк қудрати билан табиатни уйғотмоқда. Амалга ошираётган ислоҳотларимиз эса жамиятни, халқимизнинг онгу тафаккури, беқиёс салоҳиятини уйғотмоқда.

 

Дарҳақиқат, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном олган ушбу йилимизнинг мазмун-моҳиятида  аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишдек эзгу мақсад, халқимиз ва келажак авлод учун кенг имкониятлар яратишдек  устувор вазифа турибди.

Ҳозирги кунда туманимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришлар айни шу улуғ мақсадга — ҳар кунимиз Наврўз бўлишига, яъни, эл-юртимиз ҳаётининг обод ва фаровон бўлишига қаратилгани барчамизга аёндир. Биз шу йўлда ўз олдимизга улкан вазифаларни қўйдик ва уларни албатта сизлар билан бирга амалга оширамиз.

Қадрли тумандошлар!

Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг, эзгу ўзгаришларнинг барчасига тинч ва осуда ҳаётимиз сабабчи эканлигини ҳам алоҳида таъкидламоқчиман.

Албатта, осойишта ҳаёт сабаб улкан режаларни амалга ошириш учун ҳаракат қиляпмиз, байрамларимизни қувонч билан қаршилаяпмиз.  Янги умидлар билан кириб келаётган шарқона янги йилимизда ҳам кўзлаган мақсадларимизга албатта етамиз. Яратганнинг ўзи бизни мана шундай эзгу умидларимиздан айирмасин.

Наврўз ҳар биримизнинг хонадонимизга қувонч ва шодлик, файз-барака, тўкин-сочинлик олиб келсин. Фидойи деҳқон ва фермерларимизнинг, барча меҳнаткашларимизнинг омадини берсин, қадаган уруғларимиз бехато униб чиқсин, эккан ниҳолларимизнинг илдизи бақувват, ҳосилимиз мўл, хирмонларимиз баланд бўлсин, ишларимиз бароридан келсин. Хонадонларимиздан тинчлик-хотиржамлик, файзу барака аримасин!

Азизлар! Сизларни яна бир бор баҳор ва хурсандчилик айёми билан чин юракдан табриклаб, табаррук оталаримиз, мунис оналаримизнинг умрлари узоқ, ака-ука, опа-сингилларимизнинг кўнгилларидаги пок ниятлари ижобат бўлишини тилайман.  

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Қалбимизда яшамоқ ва яратмоқ ҳиссини уйғотиб кириб келаётган Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар