Биз бир бўлсак - ягона халқмиз, бирлашсак - Ватанмиз!
Ватан ўзини англаган ҳар бир инсон учун азалдан табаррук саналган. Унинг ҳар бир гиёҳи, қатра суви, тупроғи бениҳоя эъзозланган. Туғилиб ўсган юртга бўлган муҳаббат ва садоқат муқаддас битикларимизда ҳам улуғланган. “Ватан-саждагоҳ каби муқаддасдир”, дейилишининг ўзи ҳам унинг мақоми нақадар буюк эканлигини англатади. Ватан мустақиллиги эса энг улуғ, энг муқаддас неъматдир.
Бугун мамлакатимиз Мустақиллигининг қутлуғ 33 ёшини тантана қилмоқдамиз. Барчамизга ўзлигимизни англаш, инсоний шаънимизни, қадр-қимматимизни, ўз юртимизга эгалик қилиш ҳуқуқини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадриятларимиз, урф-одатларимизни қайтариб берган бу улуғ айём «Биз бир бўлсак ягона халқмиз, бирлашсак Ватанмиз», деган эзгу ғоя асосида нишонланмоқда.
Айни кунларда Мустақиллик деб аталмиш улуғ неъматнинг қадр-қиммати, ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти халқимиз учун янада теранроқ маъно англата бошлади. Чунки бугунги кунда амалга ошаётган ҳар бир ислоҳот, ҳар бир қабул қилинаётган қонун, қарор, ҳуқуқий ҳужжатларнинг бари юрт фаровонлиги, халқ манфаатига хизмат қилиш мақсадида эканини вақт исботлади. Айнан ана шу истиқлол туфайли барчамиз эркин, бахтли ва фаровон ҳаёт кечириш, истеъдод ва қобилиятимизни руёбга чиқариш имконига эга бўлдик.
Мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр қимматимизни тиклаш, урф -одат ва анъаналаримизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар яратди.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси” асосида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари қабул қилинди, беш йиллик ислоҳотларнинг натижасида мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун зарур шароитлар яратилди. «Инсон қадри учун» тамойили асосида “2022 - 2026 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тасдиқланди. Фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилаётганлиги билан алоҳида қадрлидир. Эл-юртга наф келтириш, соломатликни асраш, таълимдаги ислоҳотлар, умуман ҳар бир соҳадаги янгиланишлар шу азиз Ватанда яшаётган ҳар бир кишини ғурурлантиради, уни ишонч ва умид билан яшашга ундайди. Шунинг учун ҳар биримиз бугунги доруломон кунлар, тинч ва осуда турмушимиз мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат маҳсули эканлигини теран англаб, рўй бераётган ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси билан қарамоқдамиз.Тинчлик ҳавосидан нафас олаётган кўнгилларда эса янги-янги орзулар пайдо бўлмоқда. Бинобарин, юртимиз тинчлиги, фарзандларимиз саодати йўлидаги ислоҳотлар ҳамда Ватан тимсоллари миллий ғуруримизни юксалтириш, юртимизга нисбатан садоқатимизни кучайтириш, порлоқ келажак бунёд этишда ғайрат –шижоатимизни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Юртимиз мустақил бўлгандан мана шу ўтган давр давомида турли соҳаларда қўлга киритилган ютуқлар бугун нафақат ҳар бир юртдошимиз, балки жаҳон ҳамжамияти эътирофида ҳам намоён бўлмоқда.
Мамлакатимизда мустақилликни қўлга киритган дастлабки кундан бошлаб маънавиятга энг устувор йўналишлардан бири сифатида эътибор қаратилди. Айни вақтда ўсиб келаётган авлод онгида маънавий-мафкуравий бўшлиқ қолдирмаслик, уларни турли ёт таъсирлардан ҳимоя қилиш, қалбларида соғлом ҳаёт тарзига, миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини шакллантириш сингари долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотларнинг роли беқиёсдир. Энг катта ютуғимиз юртдошларимиз дунёқараши ўзгарди, уларнинг онгу тафаккури юксалиб, сиёсий фаоллиги ошди. Шу боис ҳам, эндиликда халқимиз қабул қилинаётган қонунларга бефарқ эмас, ўтган давр миллатнинг, жамиятнинг, бутун бир мамлакатнинг, неча-неча авлодларнинг тақдирини, ҳаёт йўлини белгилаб берадиган давр бўлди. Шунинг учун ҳам бу кунни муқаддас билиб, катта тантаналар билан нишонлаймиз.
Албатта, дунёда ўз мустақиллигига, ўз йўлига эга давлатлар кўп. Аммо, инсон қадрини улуғлаб, унинг манфаатларини ҳимоя қиладиган мамлакатлар саноқлидир. Шу маънода, биз туғулиб ўсган юрт қадри, фараҳбахш тонглар, тинч ва осуда кунлар шукуҳи вужудимизда ажиб ҳис уйғотади ва беихтиёр тилимизга кўчади: «Биз бир бўлсак - ягона халқмиз, бирлашсак - Ватанмиз».
Дилмурод Ражабов,
Янгиобод тумани ҳокимлиги
ахборот хизмати раҳбари