Совот ҚФЙда фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди
Янгиобод тумани Совот ҚФЙда ўтган 2022 йилда ҳудудда олиб борилган ишлар ҳамда 2023 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори ҳамда нуронийлар, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар маҳаллада аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, ҳудуд инфратузилмасини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ва галдаги вазифалар, фуқаролар мурожаатлари ва шу каби масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Йиғилиш давомида маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси И.Ҳасановнинг ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширган ишлари хусусидаги ҳисоботи тингланди. Шу билан бирга, тадбиркорлик истагида бўлганлар учун ер ажратиш масаласида ҳам сўз юритилиб, бу борада аҳолига тушунчалар бериб ўтилди.