Янгиободда жиноятчилик ва уларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди
Янгиобод туманида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш чораларини кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда туман ҳокими ўринбосари А.Нишонов, туман прокурори Ж.Салоҳиддинов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ш.Аҳмедов, профилактика инспекторлари, маҳаллалар мутасаддилари, корхона ва ташкилот раҳбарлари ва фаоллар иштирок этишди.
Тадбирда ўтган давр мобайнида содир этилган жиноятлар ва уларни олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.
Жумладан, туманда шу йилнинг ўтган даври давомида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва бошқа масъул ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик ишлари тўғри йўлга қўйилмаганлиги оқибатида 27 та жиноят содир этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 тага (17-25) ёки 47 фоизга ошиб кетгани таъкидланди.
Жиноятларнинг турлари бўйича таҳлил қилинганда, талон-торож қилиш 5 тага (1-6), ўғирлик 3 тага (0-3),ўқотар қуролнинг ва ўқ-дориларнингқонунга хилоф муомаласи 3 тага (0-3), контрабанда 2 тага (0-2), жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш 2 тага (0-2) ҳамда Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш, Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятлари 1 тадан (0-1) ошиши кузатилган.
Бундан ташқари, туманда жорий йилнинг 6 ойида 475 та маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 121 тага ошиб кетган.
Йиғилиш давомида туманда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ва олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан жиноятчиликнинг ортиши танқид остига олиниб, фаоллар иштирокида муҳокама этилди.
Сўз олганлар жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароит ва омилларини ўрганиш, профилактика мақсадида ҳар бир жиноят тафсилотлари бўйича ички ишлар органлари раҳбарлари, барча ташкилот ва идоралар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни ўрнатган ҳолда профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик аломатларини барвақт аниқлаш, жиноятчиликларнинг олдини олиш бўйича ва унга қарши курашишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки, барча бирдек масъул экани таъкидланди.