Телефонлар:
(0372) 542-11-11
(0372) 542-11-45
» » Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди

12 июль 2023 йил
120
0

2023 йил 27 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор янгиликлар ўз аксини топган.

Қарорга мувофиқ, 2023 йилда: 

  • муҳтож шахслар замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари билан;
  • Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ва I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан бепул таъминланади.

2023 йил 1 сентябрдан ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминлашда тиббий хулоса талаб қилинмайди.

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчилар давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланади, мансабдор шахслар қабулига навбатсиз киради.

2023 йил 1 майдан шифохоналарда даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилаётган шахсларга: 

  • боланинг ёнида бўлиш учун шароит яратилади;
  • мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва бепул овқат берилади.

Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари болани ногиронлиги бўлган шахс деб топганда уларга пенсия тайинлашда қайтадан тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш бекор қилинади.

Юридик ёрдам” ахборот тизимида ногиронлиги бўлган шахсларга бепул ҳуқуқий ёрдам бериш учун алоҳида мурожаат бўлими яратилади.

2023 йил 1 июнгача ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчиларга берилган имтиёзларнинг ягона рўйхати шакллантирилади.

2023/2024 ўқув йилидан “Махсус педагогика, дефектология” йўналишида магистратура учун тўлиқ давлат гранти берилади.

  • Ўқиётган ногиронлиги бўлган талабаларга таълим жараёнида кўмаклашиш учун унинг яқинларидан бирига ОТМда ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилади.
  • Жорий йилда Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ва унинг ҳудудий марказлари роботлаштирилган локомат мажмуаси ва бошқа замонавий реабилитация ускуналари билан таъминланади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

 



Бугунга қадар юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларга зарур шароитлар яратиш борасида қандай ишлар амалга оширилди, қандай ҳуқуқий асослар яратилди?  

– Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳамма қатори тенг бўлиб яшашлари учун жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, уларни уй-жой билан таъминлаш, ногирон фарзанди ёки оилада ногиронлиги бор инсонларни парвариш қилаётганларга меҳнат стажи ёзилиши йўлга қўйилди. 

Бу тоифа инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида “Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган. БМТнинг “Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинди.  

2021 йил август ойида давлатимиз раҳбарининг “Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унда ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, болаларни реабилитация қилиш, тўлақонли ҳаёт тарзини юритишга кўмаклашиш ҳамда имкониятларини ошириш учун уларни замонавий протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш, соҳага ахборот коммуникацион технологияларини жорий этиш белгилаб берилган эди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларга зарур шароитлар яратишга хизмат қилаётир.

2023 йил 27 февралдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида қандай чора-тадбирлар кўзда тутилган?

— Мазкур қарор мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак ўринли бўлади. Унда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш асосий мақсад қилинган.

Қарор билан I ва II  гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ҳамда уларга ғамхўрлик қилувчи фуқароларга давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёзлар берилиши қувонарли хабар бўлди. Чунки бирор жойга борганда узунқатор навбатларни кўриб, ҳатто соғлом одам ҳам кутишдан чарчайди. Ногиронлиги бор кишиларни яқинлари бирга олиб юради. Давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш имтиёзи эса уларга енгиллик яратади.  

Шунингдек, қарорга кўра, ногиронлиги бўлган шахслар тиббиёт муассасаларида даволанаётган пайтида уларнинг яқинларидан бири ёнида бирга бўлиши учун шароит яратилади. Стационар тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган шахсга мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади. Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилувчи шахслар (ота-онаси ва бошқалар) учун даволаш даврида давлат стационар тиббиёт муассасаларида бепул овқатланиш каби енгилликлар берилгани ногиронлиги бор оилаларни ҳам руҳан, ҳам моддий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.  

Шу ўринда ҳаётий воқеалар кўз олдимда гавдаланди. Мактабда ишлаб юрган вақтимда бир ҳамкасбимизнинг фарзанди ногирон эди. Она бечора фарзанди ногирон бўлганидан шунчалар эзиларди. Уни Тошкентга олиб келиб даволатиш мақсадида мактаб директоридан рухсат сўрашга қийналар ва ийманарди. Даволанишда қолдирган иш кунларини эса бошқа пайт икки ҳисса ишлаб беришга ҳаракат қиларди. Бу каби ҳолатларга сайловчиларимиз билан суҳбатлашганимизда ҳам дуч келамиз.  

Қарорга кўра, эндиликда “Ижтимоий хизмат” электрон платформаси ишга туширилади. Бу эса ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматларни кўрсатиш, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситаларига муҳтож бўлган шахсларнинг шаффоф электрон навбат тизимини таъминлашга хизмат қилади. Бу билан таниш-билишчилик, адолат мезонларининг бузилишига барҳам берилади.  

Мухтасар айтганда, ушбу қарор ўз мазмун-моҳияти билан қалби ўксик минглаб инсонларнинг эртанги кунга умид ва ишончини оширади.“Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилига ҳамоҳанг тарзда инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ҳужжат эканлиги билан аҳамиятлидир.  

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар